Жанубий Корея суди мамлакат президенти Пак Кин Хенинг дугонаси иштирокидаги можаро туфайли унинг икки нафар собиқ маслаҳатчисини ҳибсга олишга буйруқ берди. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Хабарда қайд этилишича, президентнинг собиқ катта маслаҳатчиси ваколатини суиистеъмол қилиш ва товламачиликда айбланмоқда. Яна бир маслаҳатчи махфий маълумотни фош этишда гумонланмоқда. Ҳар икки мансабдор можаро туфайли октябрь ойида ўз лавозимини тарк этганди.
4 ноябрь куни Жанубий Корея президенти телевидение орқали мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, дугонаси Чхве Сун Силь иштирокидаги можаро учун узр сўради ва терговга кўмаклашишга ваъда берди.
«Яна бир бор узр сўрамоқчиман. Сизнинг ишончингизни алдаганим учун афсусдаман», – деди Пак Кин Хе.
Сеул суди 3 ноябрь куни коррупция можароси марказига тушиб қолган Чхве Сун Силни ҳибсга олишга буйруқ берди. Аёл ўз таъсири орқали Жанубий Кореянинг йирик компанияларини ўзи билан боғлиқ иккита – Mir ва К-Sports фондига кўп миллионлик хайрия қилишга мажбур қилган.
Мухолифат сиёсатчилари Пак Кин Хени 40 йиллик дугонаси Чхве Сун Силга давлат ишига аралашиш, махфий ҳужжатларни, шу жумладан, бўлажак чиқишлар матнини тақдим қилиш, уларни таҳрир қилишга йўл қўйиш ва шу орқали мамлакат сиёсати ва иқтисодига таъсир ўтказишда айбламоқда.
Изоҳ (0)