Гаити жанубига октябрь бошида ёпирилган Мэттью довули мамлакатга 124 миллиард Гаити гурдосига тенг (1,89 миллиард доллар) иқтисодий зарар етказди. Бу ҳақда 29 октябрь, шанба куни Гаити ҳукумати маълум қилди, деб ёзади «Корреспондент.net».
Мамлакат молия ва иқтисодиёт вазирлиги вакилларининг маълум қилишича, Жаҳон банки ва Америка давлатлари тараққиёт банки мутахассислари бўрон оқибатида етказилган зарарни юқоридаги суммага баҳолаган. Бу Гаити ялпи ички маҳсулотининг тахминан бешдан бирига тенг.
Мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасининг табиий офат оқибатидаги йўқотишлари деярли 600 миллион долларга баҳоланмоқда.
Иқтисодчиларнинг маълум қилишича, 175 мингдан ортиқ одам бўрон оқибатида бошпанасиз қолганлиги туфайли мамлакат яна шунчага яқин маблағ йўқотган.
Нашрнинг маълум қилишича, Мэттью довули оқибатида Гаитида 1,4 миллионга яқин одам жабрланган. Баъзи шаҳарлар ва қишлоқлар бутунлай вайрон бўлган.
Изоҳ (0)