Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни «Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалигига агрокимёвий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятининг ташкил этилиши маъқулланди. Бу ҳақда, Қимматбаҳо қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Ўзагрокимёҳимоя» таркибига 30 ташкилот киради, жумладан:
- «Ўзагрокимёҳимоя» ҳудудий акциядорлик жамиятлари — «Қишлоқхўжаликкимё» ҳудудий акциядорлик жамиятлари негизида шакллантирилади, бунда уларнинг таркибидан «Ўзкимёсаноат» АЖ, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари мол-мулкининг бир қисми чиқарилади;
- «Ўзагрокимёҳимоя» ҲАЖнинг туман ва шаҳар филиаллари — «Қишлоқхўжаликкимё» ҲАЖ туман ва туманлараро филиаллари ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича туман отрядлари негизида шакллантирилади;
- Чигиртка ва қизил капалакка қарши кураш хизматининг Қорақалпоғистондаги, вилоятлар ва Тошкентдаги филиаллари — чигирткага қарши кураш хизматлари, шунингдек, Қорақалпоғистон ва вилоятлар ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари мол-мулкининг бир қисми негизида шакллантирилади;
- «Агрокимёвий станция» МЧЖ — Республика агрокимё станцияси, Қорақалпоғистон республика ва вилоят агрокимёвий станциялари негизида шакллантирилади;
- «Республика ўқув-ишлаб чиқариш биолабораторияси» МЧЖ — Республика ўқув-ишлаб чиқариш лабораториялари негизида шакллантирилади;
- «Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти» МЧЖ — Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти негизида шакллантирилади.
Янги тузилма фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар, ўсимликларни чигирткалар, зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари билан таъминлаш бўйича ягона техник ва технологик сиёсат олиб бориш белгиланган.
Қарорда «Қишлоқхўжаликкимё» ҲАЖ мол-мулкининг ҳамда ундаги «Ўзкимёсаноат» улушининг бир қисми давлатга ўтказилиши, бунинг эвазига «Ўзкимёсаноат» устав капиталида давлат улушининг камайтирилиши, шунингдек, «Республика ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимё воситалари базаси» АЖнинг ихтиёрий тугатилиши кўзда тутилган.
2017 йилдан бошлаб «Ўзкимёсаноат» таркибига кирувчи корхоналар ишлаб чиқарган минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимё воситалари Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперацион биржада реализация қилинади. Бунда ярмарка савдоларидаги улгуржи харидорлар «Агрокимёҳимоя» АЖ ва бошқа истеъмолчилар бўлиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)