Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасининг 26-туридан жой олган саккизта учрашувнинг 7 таси ўз якунига етди. Бунда бир қатор ўзгаришлар кузатилгани ҳақида «Championat.asia» нашри хабар берди.
Қаршида «Насаф»дан 0:6 ҳисобида енгилган «Навбаҳор» 7 йиллик антирекордини янгилади. Сўнгги бор Наманган клуби 2009 йилги мавсумда мана шундай шармандали натижа қайд этган бўлиб, ўшанда «Пахтакор»дан 0:7 ҳисобида мағлуб бўлган. Худди ўша йили «Бунёдкор» Наманган клуби дарвозасига 6 та жавобсиз гол урган.
2016 йилги мавсумда «Навбаҳор» беш бор йирик мағлубиятга учраб, бу борада «Обод»дан кейин энг ёмон натижани қайд этиб турибди.
Маълумот учун, «Насаф» футболчилари «Навбаҳор» дарвозасига 6 та гол урган куни Қарши клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўзининг таваллуд айёмини нишонлаётганди.
Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби кетма-кет бешинчи учрашувда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. Сўнгги бор «Пахтакор»га имкониятни бой берган «қалдирғочлар», шундан кейин «Қўқон—1912», «Бухоро», «Насаф», «Олмалиқ», «Қизилқум» каби клубларга қарши кечган жами 450 дақиқа давомида Мурод Зухуров дарвозасини қуруқ сақлаб қолди.
Сўнгги бор 19 август куни Фарғонада «Нефтчи»ни мағлуб этган «Андижон» клубининг ғалабасиз серияси 26-турдан кейин кетма-кет еттитага етди. Бу вақт давомида Андижон вилояти клуби «Бухоро», «Сўғдиёна», «Насаф», «Машъал», «Қизилқум», «Шўртан», «Металург» каби клубларга қарши ўйнаб, фақатгина 2 тасида дуранг қайд этди, қолган барчасида мағлуб бўлди.
Олий Лиганинг 26-турида «Олмалиқ» футбол клуби иккинчи даврадаги илк ғалабасига эга чиқди. Бунга қадар ўтказилган 10 та тур давомида Игорь Шквирин жамоаси рақибларини таслим қила олмаганди. Бу сафар эса «Шўртан» 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди.
Мазкур турда «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов ўзининг Олий Лигадаги юбилей — 50-голини уришга эришди. Бу гол «Локомотив»га 1 очко ҳам тақдим эта олмай, клуб «Бухоро»дан енгилди — 1:2.
Абдухолиқовнинг фақатгина 2016 йилги чемпионат давомида урган голлари сони 20 тага етди. Бу эса «Локомотив» футбол клуби тарихидаги энг яхши кўрсаткичдир. Бунга қадар 2013 йилги мавсумда 17 та гол урган Фарҳод Тожиев битта мавсумдаги сермаҳсуллик борасида «темирйўлчилар»нинг энг яхши ҳужумчиси бўлиб келаётганди.
Изоҳ (0)