Британиялик боксчи Энтони Жошуанинг промоутери Эдди Хирн украиналик боксчи Владимир Кличко пул ўрнига осон жангни афзал кўришини маълум қилди, деб хабар бермоқда «iSport.ua».
Германия матбуоти Кличко Энтони Жошуа билан жанг қилишдан бош тортиб, осонроқ рақиб – австралиялик Лукас Браун билан жанг қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берди.
Украиналик боксчининг жамоаси бу борада расмий тасдиқ бермаган бўлса-да, Эдди Хирн Кличконинг Жошуа билан жанг қилишдан бош тортиши сабабини маълум қилди.
«Балки Кличко WBA камари учун осон жанг ўтказмоқчидир. Ҳозир Владимирни пул қизиқтирмайди. Жошуага қарши жанг у учун сердаромад бўлади. Кўриниб турибдики, пул Кличко учун биринчи ўринда эмас, чунки Браун ёки Устиновга қарши жанг учун Владимир 5 миллион еврога камроқ олади», – деди Жошуанинг промоутери.
«Қарийб уч ҳафта шартномани муҳокама қилдик ва барча камчиликларни бартараф этдик. Кличконинг жамоасига мурожаат қилиб, барчаси тайёр эканини айтганимизда у IBF камари учун жанг қилмасдан, WBA камарига Браун билан жанг қилишни афзал топди», – дея қўшимча қилди ҳафсаласи пир бўлган Хирн.
Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) вакант бўлиб турган камари учун қайси боксчиларга жанг қилишга рухсат бериши ҳозирча номаълум. Владимир Кличко рақиб ким бўлишидан қатъи назар 10 декабрь куни Манчестер ёки Гамбург шаҳрида жанг ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, украиналик боксчининг Тайсон Фьюри билан реванш жанги британиялик спортчи томонидан икки марта бекор қилинди.
Қайд этиш керакки, Тайсон Фьюрининг иккита допинг намунасида кокаин моддаси аниқланган эди.
Изоҳ (0)