Охирги 20 йил ичида сайёрада 7 мингдан ортиқ табиий офат кузатилган бўлиб, улар 1,35 миллион кишини ҳаётдан олиб кетди. Бу ҳақда БМТнинг табиий офатлар таҳдидини камайтириш бюроси (UNISDR) ҳамда Бельгия эпидемиологик фожиаларни тадқиқ этиш маркази (CRED) томонидан чоп этилган қўшма ҳисоботда айтилди, деб хабар беради «ТАСС».
«1996–2015 йиллар орасида 7056 табиий офат рўйхатга олинди», — дейилади тадқиқотда.
Булар орасида зилзила, цунами, вулқон отилиши сингари геофизик офатлар сони олдинги йигирма йилликдагига нисбатан ўзгаришсиз қолди, иқлим билан боғлиқ офатлар — тошқинлар, тўфонлар, иссиқлик тўлқинлари эса анча кўпайди.
Ҳисобот даврида ҳалок бўлган 1,35 миллион кишининг ярмидан кўпроғи зилзилалар қурбони бўлди. Шу давр ичида кузатилган энг даҳшатли офат 2010 йили Гаитида кузатилган, 229699 кишини ҳаётдан олиб кетган зилзила бўлди. Биринчи учликка, шунингдек, 2004 йили Индонезияда кузатилган цунами (182136 қурбон) ва 2008 йили Мьянмага ёпирилган «Наргис» тропик циклони (139515 қурбон) кирди.
Изоҳ (0)