Испания фуқаролик гвардияси бошқа давлатлар ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда Шимолий Африка ва Яқин Шарққа қурол-яроғ етказиб бериш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳни йўқ қилди. Бу ҳақда, EFE агентлигига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Подполковник Хавьер Рохеронинг сўзларига қараганда, кенг миқёсли операцияга бир қатор мамлакатлар, хусусан, Италия, Франция ва Греция ҳуқуқ-тартибот органлари жалб этилди. Операция Европа полиция агентлиги координацияси остида ҳамда АҚШ гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Иш юзасидан тергов 2013 йилда бошланган эди, аммо турли давлатлар ҳуқуқ-тартиботчиларининг ҳамкорлиги 2015 йилда йўлга қўйилди. Шу вақт ичида 100 тонна гашиш, 11,4 минг қурол бирлиги, миллиондан ортиқ патрон ва 10 тонна портловчи моддалар аниқланиб, мусодара этилди. 109 киши қўлга олинди.
Изоҳ (0)