Ўзбекистон ҳукумати порталида очилган бош вазирнинг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz)да минглаб ўзбекистонликлар ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар билан тўғридан-тўғри бош вазирга мурожаат қилмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.
Бунда мурожаатни уч усулда — 210-00-00 ёки 10-00 қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб (қўнғироқ Ўзбекистон бўйича бепул бўлиб, ундан фақат стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади), pm.gov.uz манзилидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириб ёки «ЎзЛиДеП»нинг ҳудудий ташкилотларига бориб юбориш мумкин.
Маълумотларга кўра, бош вазирнинг виртуал қабулхонасига биринчи куниёқ Ўзбекистоннинг турли жойларидан мингга яқин ариза, шикоят ва таклифлар тушган бўлса, бугун мурожаатлар сони 20 мингдан ошиб кетди. «Ҳозирга қадар юзлаб муаммолар тезда ўз ечимини топди», — дейилади ЎзА ахборотида.
Шу йил март ойида урганчлик Зулфия Бекберганованинг 25 ёшли ўғли Хуррам Қурбоновнинг бош миясида қон қуйилиш ҳолати аниқланган. Шифокорлар уни хорижда даволатишни тавсия қилган. Муолажа учун 8 минг доллар зарур эди. З.Бекберганова ўтган вақт мобайнида миллий валютани хорижий валютага конвертация қилиш бўйича Хоразм вилоятидаги қатор банкларга мурожаат қилган. Бироқ иши ҳал бўлмаган. Зулфия опа сўнгги умид сифатида шу йил 26 сентябрда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ариза жўнатган. Порталга мурожаат қилганидан кейин ойлар давомида ечилмаган муаммо икки кунда ҳал бўлган.
Хоразм вилояти Хива туманида истиқомат қилувчи Роҳат Абдуллаева уйи бузилгач, 2014 йили янги коттежга кўчиб ўтади. Бузилган уй шартномада 139 миллион сўмга баҳоланади. Бироқ бу маблағдан 38 миллион сўмини ҳокимлик тўлаб бермайди. У шу йил 26 сентябрь куни бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган, 28 сентябрь куни бузилган уй учун қолган 38 миллион сўмни банкдаги омонат дафтарчага ўтказиб беришган. «Маҳалламиздаги янги коттежларга кўчиб ўтган 47 қўшнимда ҳам шу муаммо бор эди, вилоят ва туман ҳокимлиги уларга ҳам қарздорликни тўлаб бермоқда», — дейди Р.Абдуллаева.
«Маҳалламизда электр энергиясини кунига ўртача 12 соат ўчиришар эди, бу муаммога ечим излаб, бир неча марта туман ҳокимлиги ва электр тармоқлари ташкилотига мурожаат қилдик, бироқ фойдаси бўлмади. Шу йил 25 сентябрда бош вазирнинг виртуал қабулхонасига электрон мурожаат юбордик, 29 сентябрда мутасаддилар қишлоғимизга келиб, вазиятни ўрганди ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш йўлга қўйилди», — дейди Хоразм вилояти Гурлан тумани Сахтиён қишлоғида яшовчи Жўрабек Бобожонов.
Элликқалъалик Илҳомбек Йўлдошев Тошкент тиббиёт академиясининг травматология ва ортопедия йўналиши бўйича магистратурасида 2-курс талабаси. У бу йил шартномага пул топа олмаган. Шу боис Элликқалъа туманидаги барча банк филиалларига таълим кредити ажратишни сўраб, мурожаат қилган. Айтишича, бунинг учун зарур барча ҳужжатни тахлаб олиб борса-да, бирорта банк ходими уларни лоақал варақлаб ҳам кўрмаган. «Шунда бош вазирнинг виртуал қабулхонаси жонимга оро кирди: мурожаатим уч кунда ҳал бўлди», — дейди талаба.
Сирдарё вилояти Ховос тумани Гулбаҳор шаҳарчасида яшовчи Муслимбек Холиқбердиев бу йил Гулистон давлат университетининг ижтимоий-иқтисодий факультетига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Бироқ ота-онаси шартнома пулини тўлаш имконини топа олмади. Шу боис унинг онаси Шоира Абдуғаффорова жорий йил 7 сентябрда «Агробанк»нинг Ховос тумани филиалига таълим кредити сўраб, мурожаат қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида»ги қарорига кўра, тижорат банклари қарз олувчининг ҳужжатларини 10 иш кунида кўриб чиқиб, ёзма хулоса бериши шарт. Бироқ Ш.Абдуғаффорова 20 кунда ҳам аниқ жавоб ололмай, сарсон-саргардон бўлади. Вазият шу даражага етадики, 30 сентябргача шартнома пули тўланмаса, Муслимбек талабаликдан маҳрум бўлиши аниқ эди.
«Шартнома пулини тўлаш муддатига уч кун қолган, нима қилишни билмасдик, банк ходимларини судга берайлик, десак, суд бу ишни кўриб чиқишига бир ой керак — жуда бошимиз қотганди. 27 сентябрь куни бош вазирнинг виртуал қабулхонаси ҳақида эшитдиму, дарҳол мурожаат қилдим. Қаранг, эртаси куни ‘Агробанк’ ўғлимга таълим кредити ажратди. Ишим ҳал бўлди», — дейди Ш.Абдуғаффорова.
Сирдарё тумани Ширин кўчаси 8-уйда яшовчи Мирсаид Низомов Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мазкур ҳудудда 5—6 йилдан буён табиий газда мунтазам узилишлар бўлаётганини, ушбу масалани ҳал этишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Сирдарё вилояти ҳокимлигидан маълум қилишларича, мурожаатни ўрганиш жараёнида мазкур ҳудуддаги газ қувурлари чиндан ҳам таъмирга муҳтож эканлиги аниқланган. Тез кунларда мазкур газ қувурлари таъмирланиб, табиий газ таъминоти тўлиқ йўлга қўйилади. Ёки Сирдарё тумани Учтепа кўчаси 49-уйда яшовчи Татьяна Кареванинг ҳудудда ичимлик суви муаммосини ҳал этишни сўраб қилган мурожаати ўрганилганда, бу ерда ичимлик суви таъминотини тўлиқ йўлга қўйиш учун 500 метрга қувур ётқизиш лозимлиги аниқланди. Айни пайтда бу борадаги лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, 2017 йилги Инвестиция дастури асосида қурилиш ишлари амалга оширилиши белгиланди.
Шу йил 26 сентябрда Хоразм вилояти Янгиариқ тумани Чиқирчи қишлоғидан Ҳурмат Матёқубов виртуал қабулхонага мурожаат қилиб, мазкур ҳудудда тоза ичимлик суви йўқлиги, қудуқлар суви шўр бўлгани учун аҳоли 3 километр нарига бориб, ичиш учун сув келтираётганини айтади. 2009 йили бу муаммони бартараф этиш учун иш бошланган, бироқ чала қолганди. «Мурожаатимиздан икки кун ўтиб, қишлоғимизда қурилиш ишлари бошланиб кетди. Ҳозир 2009 йили ётқизилган, аммо чириб улгурган қувурларни ҳам қазиб олиб, янгилашяпти. Бутун қишлоқ аҳли неча йиллик муаммо ҳал бўлганидан ўзида йўқ хурсанд», — дейди Ҳ.Матёқубов.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.