Хитой ҳукумати туз нархини белгилашда давлат монополиясини бекор қилди. Ушбу монополия икки минг йилдан кўпроқ давом этди, деб ёзади «ТАСС».
Ривожланиш ва ислоҳотлар бўйича ҳукумат қўмитасининг баёнотига кўра, қонунчиликка киритилган тегишли ўзгартиш 2017 йил 1 январидан кучга киради.
Эндиликда тузнинг улгуржи, чакана ва корхона баҳоси ишлаб чиқариш таннархи, сифати ва бозор шарт-шароитларига кўра белгиланади. Таъкидланишича, минтақавий маъмуриятлар ва компаниялар ўзгартишнинг кучга киришига тайёргарлик кўриб қўйиши ва бозор барқарорлигини кафолатлаши лозим.
Хитой дунёдаги энг йирик туз истеъмолчисидир. Экспертлар баҳосига кўра, жаҳон эҳтиёжининг қарийб чорак қисми ХХРга тўғри келади. Мамлакатда 300 туз ишлаб чиқарувчиси ва 4 минг туз етказувчиси бор.
Милоддан аввалги 119 йилда Хань сулоласи вакили, император У ушбу маҳсулотга давлат монополиясини жорий этганди. Айни пайтда соҳа Хитой давлат туз ишлаб чиқариш корпорациясига (China Salt) бўйсундирилган.
Изоҳ (0)