Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино France-Presse агентлигига берган интервьюсида коррупцияга алоқадор эмаслигини маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Мен шунчаки ишчиман. Мен ноқонуний даромад олмайман. Ҳеч кимни алдамайман ва ФИФАда кимдир бу иш билан шуғулланишини истамайман», – деди Инфантино.
5 октябрь куни Норвегиянинг Josimar портали ФИФА Ахлоқ қўмитаси ташкилот раҳбари Жанни Инфантинога нисбатан янги суриштирув ишини бошлагани ҳақида маълум қилганди. Мутасадди УЕФА бош котиби бўлган вақтида УЕФАнинг амалдаги президенти Александер Чеферин раҳбарлигидаги Словения футбол иттифоқига ноқонуний равишда фойдаланилган кредитни маъқуллаганликда айбланмоқда.
Шу йилнинг июль ойида Германиянинг Bild нашри ФИФА Ахлоқ қўмитаси ташкилот маблағларини шахсий мақсадларда ишлатаётганликда айбланаётган ФИФА президенти Жанни Инфантинога нисбатан дастлабки тергов ишини бошлагани ҳақида маълум қилганди.
Шунингдек, Frankfurter Allgemeine Zeitung газетаси Инфантино шахсий мақсадлари учун ФИФА ғазнасидан камида 14 минг евро ишлатганини маълум қилганди. Хусусан, ФИФА президенти ташкилот маблағларини тренажёр, матрас, смокинг, гул ва бутсалар учун сарфлаган.
Изоҳ (0)