Жорий йилнинг 15 июлидан 15 августга қадар ўтказилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлигининг 2-босқичида 10,478 та жиноят фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
Маълумотларга кўра, тадбирларнинг 2-босқичида жами 14 167 та тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, 2 599 та гиёҳвандлик, 1 576 та уюшган жиноятчилик, 1 650 та коррупция ва 4 653 та бошқа йўналишларда ноқонуний ҳолатлар аниқланган.

Тезкор тадбирларда 557,5 кг гиёҳвандлик воситаси, 376,5 минг дона кучли таъсир қилувчи дорилар олиниб, 10,5 минг туп гиёҳвандлик ўсимликлари етиштирилаётганлиги аниқланган.
Тадбир давомида жами 91 та “закладкачилар” билан боғлиқ ҳолатда 34,5 кг гиёҳвандлик воситаси расмийлаштирилиб, интернетдаги наркодўконлар рекламаси акс этган 1 751 дона “наркограффити” ўчириб ташланди.
Шу билан бирга, тадбирларда жиноий гуруҳ ва шахслардан 858 та пневматик қурол, 2 716 та ов қуроли ва ўқ-дори олинди. 1 033 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 584 нафар бедарак йўқолган шахслар оиласи бағрига қайтарилди.
Жамоат жойида совуқ қурол олиб юрган фуқаролардан 14 936 та ўткир тиғли буюмлар 14 091 та пичоқ , 352 кастет, 493 бошқа олиб юрилиши таъқиқланган буюмлар олиниб, қонуний чоралар кўрилди. Ов қуроли сақлаш қоидаларини бузган ҳамда браконьерлик ҳаракатларни содир этган 3 692 нафар шахс маъмурий ва 254 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, 1 398 та “сайёр суд”ларда тузалиш йўлига ўтган 7 827 нафар шахс жазо ўташдан муддатидан илгари озод этилган.
Йўлларда ҳам 707 мингта қоидабузарлар аниқланиб, ҳуқуқбузарларга тегишли 85 мингтага яқин транспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилди.
Таъкидлаш жоиз, ўтган ойнинг мос даврига нисбатан олди олиниши лозим бўлган жиноятлар 39 фоизга камайиб, жиноятларни аниқлаш 50 фоизга яхшиланган.
Изоҳ (0)