Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда дастлаб округ ҳудудида сайлов участкалари тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди, деб хабар беради ЎзА.
Округ сайлов комиссияси раиси Ф. Тошев сайлов кампанияси тадбирлари Марказий сайлов комиссиясининг Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури ҳамда округ сайлов комиссияси иш режасига асосан тегишли қонунларда белгиланган муддатларда амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 10 ва 11-моддаларига мувофиқ туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳарбий қисмлар командирларининг сайлов участкаларини тузиш тўғрисида округ сайлов комиссиясига топширган тақдимномалари кўриб чиқилди. Шунга мувофиқ, округ ҳудудида 1030 сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкаларининг тартиб рақами, чегараси ҳамда манзили кўрсатилган рўйхати тасдиқланди.
Округ сайлов комиссиясининг бу ҳақдаги қарори қабул қилинди ва у маҳаллий матбуотда эълон қилинади.
Мажлисда округ сайлов комиссиясига вилоятдаги оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, мустақил журналистлар ва ижодий уюшмалардан аккредитациядан ўтказишни сўраб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди ва Президент сайловига тайёргарликнинг бориши ва сайлов жараёни холисона ёритиб борилишини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу куни оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди. Унда округ сайлов комиссияси томонидан сайловга кўрилаётган тайёргарлик, ўтказилган йиғилиш ҳақида маълумот берилди.
Изоҳ (0)