Эронда ўтказилган аудиторлик текшируви натижаларига кўра 397 давлат амалдори ортиқча маош олаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда ҳисоб-китоб палатаси раиси Одил Озар баёнот берди, деб хабар қилмоқда «ТАСС».
Парламентдаги чиқиши чоғида Озар депутатларга тўрт ой давом этиб, умумий ҳисобда 93 минг давлат хизматчисини, шу жумладан, 14 минг юқори мартабали амалдорни қамраб олган текширув ҳақида маълумот берди. Аниқланишича, уларнинг 0,4 фоизи ойига 200 миллион риёл (5,5 минг доллардан кўпроқ) ва ундан кўпроқ маош олиб келаётганди. Энг кўп қоидабузарлик нефть ва соғлиқни сақлаш вазирликларида, марказий банк ва бошқа бир қатор банкларда, шунингдек, суғурта компанияларида аниқланди. Ишлар судга оширилди.
Озарнинг ҳисоботидан сўнг мажлис раиси Али Ларижоний давлатга ноқонуний ўзлаштирилган пулларни қайтариш жараёни бошланганини айтиб ўтди.
«Ғазнага 50 миллиард риёл (1,4 миллион доллар) қайтарилди», — маълум қилди у.
Эрон давлат тузилмаларида юқори даромадга қарши кампания шу йилнинг июнида мамлакатнинг диний раҳнамоси Али Хоманаий ташаббусига кўра бошланган эди. Айтилишича, давлат компаниялари, банклари ва вазирликлари раҳбарияти ҳар ой 600 миллион риёлгача (17 минг доллардан ошиқ) маош олиб келган.
Эронда ўртача ойлик иш ҳақи 400 доллардан ошмайди.
Изоҳ (0)