Бугун — 28 сентябрь куни «Пахтакор» ва «Локомотив» клублари Ўзбекистон Олий Лигасининг 24-тури доирасида майдонга тушади. Беллашув 18:30 да «Пахтакор» стадионида бошланади.
Мамлакатнинг сўнгги икки мавсумдаги чемпиони «Пахтакор» матбуот хизмати «Локомотив»га қарши бўлиб ўтган 23 ўйиннинг 15 тасида ғалаба қозонилгани ҳақида маълумот берди. 5 та беллашувда ғолибни аниқлаб бўлмаган, қолган 3 таси «темирйўлчилар»нинг ғалабаси билан якунига етган.
Гол уриш борасидаги устунлик ҳам «Пахтакор» томонида. «Шерлар» ҳозирга қадар «Локомотив» дарвозасига 54 та тўп киритган бўлса, «Локомотив»да бу кўрсаткич 20 тани ташкил қилади.
«Пахтакор» матбуот хизмати сўнгги икки мавсумдаги чемпионлик ўйинида «Пахтакор»нинг зафар қучганини қистириб ўтган. Бевосита «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган жами 11 та ўйиннинг 8 тасида мезбонлар зафар қучган, 2 та дуранг қайд этилган ва фақатгина бир бор «Локомотив» бу аренада ғалаба нашидасини сурган.
Биринчи даврада бўлгани каби Тошкент дербисини Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Илк учрашувда «темирйўлчилар» 1:0 ҳисобида зафар қучган бўлиб, ўйиндаги ягона гол 13-дақиқада Темурхўжа Абдухолиқов томонидан киритилган. Кейинроқ «Пахтакор»нинг собиқ, миллий терма жамоанинг амалдаги бош мураббийи Самвел Бабаян ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов унинг айрим принсипларига тўғри келмаслиги ҳақида айтиб ўтганди.
Ҳозирга қадар 22 та ўйинда иштирок этган «Локомотив» 56 очко билан Олий Лига пешқадами бўлиб турибди. 23 беллашувда 38 очко жамғарган «Пахтакор» эса 6-поғонадан жой олган.
Изоҳ (0)