Италияда 4 декабрь куни конституцияни ислоҳ қилиш бўйича референдум бўлиб ўтади. Бу ҳақда 26 сентябрь, душанба куни Италия бош вазири Маттео Ренци маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».
Ислоҳот, жумладан, сенатдаги ўринларни 315 тадан 100 тагача қисқартиришни кўзда тутади. Сенатнинг ҳозирги вазифалари бир қисмини бекор қилиш таклиф этилган.
Бу таклифлар Ренци ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Ислоҳотдан кўзланган мақсад мамлакат бошқарувини янада соддалаштиришдир.
Аввалроқ ислоҳот лойиҳасини парламент депутатлари маъқуллаган эди. Лойиҳани маъқуллаб 361 нафар депутат овоз берган бўлса, етти нафари унга қарши овоз берган.
Мухолифатдаги «Олға, Италия» партияси ва «Беш юлдуз» ҳаракати мазкур масала бўйича овоз беришда қатнашишдан бош тортган эди.
Изоҳ (0)