Ўзбекистон Республикасининг Кувайт давлатидаги элчихонасида Ўзбекистон Президенти сайловларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Кувайт сиёсий, иқтисодий, академик давралари ҳамда ОАВ вакиллари, шунингдек, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ходимлари иштирок этди.
Брифинг иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ўтказиш бўйича фаол сайловолди кампанияси бошланганидан бохабар этилди, шунингдек, сиёсий партиялар томонидан давлат раҳбарлигига ўз номзодларини кўрсатиш тартиби ва шартлари, республиканинг мустақиллик йилларида демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда эришган ютуқлари, фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиш жараёнлари билан таништирилди.
Тадбир якунларига кўра унинг иштирокчилари ўз фикрлари ва шарҳлари билан ўртоқлашди.
Хаила ал-Мақоимий, Кувайт ахборот вазирлиги давлат котибининг юридик масалалар бўйича ёрдамчиси:
«Мен илк бор Ўзбекистонда 2001 йилда бўлдим ва бу ажойиб мамлакатни чинакамига яхши кўриб қолдим. Ўзбекистон кўп сонли қадимий тарихий-меъморчилик обидалари, бебаҳо маданий ва маънавий мероси, бой табиати ва замонавий ривожи билан диққатимни тортди. Мен республикада мустақиллик йилларида ҳаётнинг барча соҳаларида содир бўлган кенг миқёсли ўзгаришлардан ҳайратда қолдим.
Бугун Ўзбекистонда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган самарадор сайлов тизими яратилган, шунингдек, сиёсий партияларнинг кенг миқёсли ижтимоий-сиёсий фаолияти учун шароитларни таъминлайдиган пухта қонунчилик базаси ишлаб чиқилган. Сайловлар кўп партиявийлик асосида ўтади. Бу ютуқлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан узвий боғлиқдир.
Шубҳа йўқки, 4 декабрь куни ўтиши кутилаётган президентлик сайловлари халқаро меъёрларга мувофиқ тарзда юқори даражада ташкиллаштирилади ва ўтказилади».
Муҳаммад ал-Филий, Кувайт университети профессори, давлат ва конституцион ҳуқуқ бўйича мутахассис:
«Ўзбекистон демократик тараққиётининг энг муҳим ютуқларидан бири 2005 йилда мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан икки палатали парламентнинг ташкил этилиши бўлди. У ўз самарадорлигини исботлади. Бугун Ўзбекистонда парламентаризм институтларининг ривожланиш даражаси энг юқори демократик стандартларга мос келади. Бунинг барига ҳокимиятнинг вакиллик органлари фаолиятини кенгайтириш, шунингдек, парламентга амалдаги қонунчилик тизими билан тақдим этилган бутун ваколатлар мажмуининг реализацияси йўли билан эришилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизими умумқабул қилинган халқаро меъёр ва стандартларга мувофиқ тарзда такомиллаштирилган. Мамлакат констутициясига кўра 2016 йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари ўтказилади. Мамлакатда Асосий қонунга мувофиқ фаол сайловолди кампанияси бошлаб юборилди. Сиёсий партиялар давлат раҳбарлигига ўз номзодларини кўрсатмоқда. Асосийси, бу жараён транспарентлик асосида ўтмоқда, сайловчилар орасида бўлажак муҳим сиёсий тадбир борасида фаол ахборот-тарғибот иши олиб борилмоқда».
Жавоид Аҳмад, Kuwait Times газетаси мухбири:
«Биз Ўзбекистонда бўлаётган демократик ўзгариш ва иқтисодий ютуқларни диққат билан кузатиб борамиз. Ўзбекистон танлаган демократик ва иқтисодий ривожланиш курси ўз самарадорлигини кўрсатди ва республикага жаҳон саҳнида муносиб ўрин эгаллаш имконини берди.
Бугун Ўзбекистон жаҳондаги бешта энг тез ривожланаётган иқтисодиётлар сирасига киради. Охирги 11 йил ичида ЯИМ ўсиш суръатлари 8 фоиз даражасида сақланмоқда.
Республикада фаол инвестицион сиёсат амалга оширилмоқда. Чет эллик инвесторлар учун яратилган қулай имкониятлар боис Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган инвестициялар ҳажми йил сайин ўсмоқда».
Изоҳ (0)