Франция пойтахти Париж шаҳрида 20 сентябрь куни IFTM Top Resa — 2016 халқаро сайёҳлик кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон туристик салоҳияти кенг намойиш этилмоқда, деб ёзади ЎзА.
IFTM Top Resa дунёдаги энг йирик ва нуфузли халқаро кўргазмалардан биридир. Бу йил мазкур кўргазмада АҚШ, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Бразилия, Россия, Беларусь, Вьетнам, Ҳиндистон, Исроил, Эрон ва бошқа мамлакатлардан бир ярим мингдан зиёд сайёҳлик фирма ва компанияси ўз хизматларини таклиф этмоқда. Кўргазма сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган.
Париждаги Porte de Versailles кўргазмалар мажмуасида ўтказилаётган нуфузли туризм форумидан жой олган «Ўзбекистон» миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Унда мамлакат тарихий обидалари, ўзбек халқининг миллий анъана ва қадриятлари акс этган.
«Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига оид ранг-баранг маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда», — деб ёзади ЎзА.
«Ўзбектуризм» миллий компаниясидан маълум қилишларича, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти мавзусида тақдимот ўтказилган. Тадбирда икки мамлакат туристик ташкилотлари ўртасида битимлар имзоланган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)