Россиянинг Иркутск шаҳрида истиқомат қилувчи Алексей Васьков уч йил муқаддам Байкал кўли остига тушиб кетган фотоаппаратни топиб, ускунани унга эгалик қилувчи оилага қайтариб берди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Чуқур шўнғиш чоғида ғаввос балчиқ босган фотоаппаратни топди. Аппарат бузилган бўлса ҳам, флеш-карта ишлаётган эди.
Ғаввос флеш-картани телефонга солиб, у ерда қўлида фахрий ёрлиқ тутган қизнинг фотосуратини кўрди. Дипломда қизнинг исми-шарифи, шунингдек, у яшайдиган қишлоқ номи акс этган эди. Фотосурат 2013 йилга оид эди.
Осадаги танишларига қўнғироқ қилиб, Васьков фотоаппаратини йўқотиб қўйган оилани топди. Ғаввос 150 километр йўл босиб ўтиб, қишлоққа борди ва фотоаппаратни эгасига қайтариб берди.
Аниқланишича, 2013 йилда оила Байкалга дам олишга борганида маҳаллий балиқчилар уларни қайиқда айлантирган. Аммо қайиқ тебраниб кетиши оқибатида фотоаппарат эркакнинг қўлидан чиқиб, сувга тушиб кетган.
Қайтариб берилган фотокамера эсдаликка олиб қўйилди. Юқорида тилга олинган қизалоқ ҳозирда иккинчи синф ўқувчиси бўлиб, келажакда сураткаш бўлишни орзу қилмоқда.
Изоҳ (0)