Британиялик қўшиқчи Адель яқин ўн йил ичида гастроллардан бош тортиши мумкин. Бу ҳақда The Sun ўз манбаларига таяниб хабар берди. Бунга асосий сабаб ўғли Анжело билан кўпроқ вақт ўтказиш истагидир.
«Адель Анжело ҳаётидаги бирорта ҳам лаҳзани ўтказиб юборишни истамайди, ўғли туфайли турнедан воз кечиш эса унинг учун осон қарор бўлмади», — деди манба.
Бундан ташқари, хонанданинг ўзи ҳам гастроллар унинг учун қийин кечишини тан олди. «Турне чоғида ўзимни ноқулай ҳис қиламан, чунки мен уй қизиман», — деган эди Адель 10 сентябрь куни Филадельфиядаги концертида.
Қўшиқчи айни пайтда «25» номли альбомига бағишланган дунё бўйлаб катта гастроль сафарида бўлиб турибди, ҳамма жойга ўғли билан бирга бормоқда. Аммо 2017 йилда Анжело мактабга боради ва дунё бўйлаб бемалол юра олмайди.
Хонанда Лас-Вегасда доимий шоу уюштиришни режалаштирмоқда, бу Аделга ўз оиласига доимий сафарлар билан оғирлик туширмасдан куйлаш имконини беради. Бироқ бу лойиҳа бир неча йиллардан кейингина амалга оширилади.
Изоҳ (0)