Австрия расмийлари президентлик сайловлари иккинчи босқичини ўтказиш санасини бюллетенлар билан боғлиқ муаммолар туфайли кўчирилиши эҳтимолини истисно этмаяпти. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Гап шундаки, сайловчи томонидан тўлдирилган ҳужжат елимланиб ёпилиши ва овозлар саналаётган пайтдагина очилиши лозим, чиқарилган варақлар эса елимланадиган қирғоғидаги нуқсон туфайли ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Сайлов ташкилланиши учун масъул бўлган мамлакат ички ишлар вазирлиги раҳбари Вольфганг Соботка мазкур нуқсон сайлов кўнгилдагидек ўтиши учун халақит берадиган бўлса, унинг ўтказилиш санаси муаммо ҳал этилмагунча кўчирилиши мумкинлигини маълум қилди.
Маълумот учун, Австрияда баҳорда икки босқичда бўлиб ўтган давлат раҳбари сайловида «яшиллар»нинг собиқ етакчиси Александр Ван дер Беллен 0,6% фарқ билан ўнг миллатчилар озодлик партияси номзоди Норберт Хофер устидан ғолиб чиққанди. Бироқ кейинчалик мамлакат Конституциявий суди бюллетенларни ҳисоблашдаги камчиликлар туфайли овоз бериш натижаларини бекор қилди ва мазкур номзодлар иштирокида 2 октябрь куни қайта сайлов ўтказилишини белгилади.
Изоҳ (0)