Жанубий Кореянинг Samsung компанияси аккумулятор портлаши хавфи туфайли 2,5 миллионта Galaxy Note 7 смартфонини чақириб олиши керак, деб ёзади «ТАСС».
Bloomberg агентлиги Credit Suisse Group AG, Daishin Securities Co. ва Pelham Smithers Associates таҳлилчилари ҳисоб-китобларини келтириб ўтди, улар Samsung’нинг талафотини 1 миллиард доллар ёки ундан камроққа баҳоламоқда. Компаниянинг ўзидагилар глобал чақириб олишдан кўриладиган зарар қанча бўлишини айтмади, аммо у «юракни ачитадиган» бўлишини таъкидлади.
Агентлик қайд этишича, муваффақиятсизлик компанияга ноқулай пайтда ёғилди: Galaxy S7 флагман смартфони савдоси ўсаётган бир вақтда компания акциялари ўтган ойда рекорд даражагача кўтарилган, компаниянинг чораклик фойдаси сўнгги икки йил ичидаги рекордни урган эди.
Samsung 2016 йилда 20,6 миллиард доллар миқдорида соф фойда олишни кўзда тутаётган эди. Агентлик таъкидлашича, 1 миллиард доллар талафот ушбу сумманинг 5 фоизидан ҳам ошмайди. Бундан ташқари, смартфонларни чақириб олишдан етган зарарнинг бир қисмини Samsung’нинг аккумуляторлар чиқариш билан шуғулланувчи шўъба корхонаси кўтариши мумкин.
Galaxy Note 7 савдоси АҚШда 16 август куни бошланган эди. Смартфонлар қайтариб олиниши ва сотув тўхтатилиши ҳақида эса 2 сентябрда эълон қилинди.
Изоҳ (0)