Туркия муҳожирларни қабул қилишга давлат бюджетидан 12 миллиард доллар, жамоат ташкилотлари кўрсатган ёрдам ҳам инобатга олинса, жами 25 миллиард доллар сарфлади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Эрдўғон G20 саммити якунларига кўра ўтказилган матбуот анжуманида шу билан боғлиқ равишда Сурияда хавфсизлик зонасини ташкил этиш масаласини кўтарди.
«Сурия шимолида хавфсизлик зонасининг ташкил этилиши муҳожирлар муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради. Биз бу ҳақда илгари ҳам айтганмиз ва бугун саммит иштирокчиларига яна бир бор такрорладик. Ҳеч ким қарши фикр айтмади, лекин ҳеч бир мамлакат бу йўналишда конкрет қадамлар ҳам ташламади», — деди у.
Эрдўғоннинг фикрича, Ғарб давлатларининг муҳожирлар масаласидаги нуқтаи назари уятлидир:
«Улар муҳожирлар мавзусидаги имтиҳонни топшира олмади. Бизда 3 миллион суриялик ва ироқлик яшайди. Биз уларга 12 миллиард доллар, жамоат ташкилотлари ёрдами инобатга олинса, 25 миллиард доллар сарфладик. Ғарбнинг умумий ёрдам миқдори эса 1,3 миллиард долларни ташкил этди».
Изоҳ (0)