Шимолий Кореяда инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш тўғрисидаги қонун Жанубий Кореяда кучга кирди. Бу ҳақда «Рёнхап» агентлигига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Қонун мамлакат парламенти томонидан 11 йил давомида кўриб чиқилган ва сиёсий қарама-қаршилик туфайли фақатгина шу йилнинг март ойида қабул қилинган. Мазкур қонун орқали Шимолий Кореяда инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш, бир-биридан ажраган оилалар муаммоларини ҳал қилиш ҳамда Жанубий Кореяга эмиграция қилмоқчи бўлган Шимолий кореяликларга ёрдам бериш кўзда тутилган.
Бирлашиш ишлари бўйича вазирлик қошида Шимолий Кореяда инсон ҳуқуқлари бузилишини назорат қилувчи марказ бўлади. Қочоқлар кўрсатмалари ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши далиллари ҳар уч ойда Жанубий Корея адлия вазирлигига йўналтирилади.
Бундан ташқари, бирлашиш ишлари бўйича вазирликка бўйсунувчи нодавлат ташкилотларга ёрдам берадиган, бюджети 12 миллион долларга тенг фонд ҳам ташкил этилади.
Изоҳ (0)