Ливияда Файз Саражнинг Миллий бирдамлик ҳукуматига бўйсунувчи қўшинлар Сирт шаҳрида ИШИДга қарши жангларда 27 август куни давомида 32 нафар аскарини йўқотди. Шунингдек, шаҳарда жойлашган дала госпиталининг маълум қилишича, 120 киши яраланган, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Саражнинг янги маҳкамасига содиқ тузилма 12 майдан буён Сирт шаҳридан ИШИД жангариларини чиқариб юбориш бўйича операцияни ўтказмоқда. Операция «Ал-Бунян ал-Марсус» номини олган.
28 август куни Миллий бирдамлик ҳукумати кучлари Сиртдаги террорчилар марраларига ҳал қилувчи ҳужумни бошлади. Кун давомида қўшинлар марказий даҳалардан бирининг ичкари қисмига кириб боришга муваффақ бўлди ва у ерда жойлашган масжидни радикаллардан қайтариб олди. Бундан ташқари, «Ал-Васат» янгиликлар порталининг хабар беришича, тўқнашувларда ИШИДнинг тунислик раҳбарларидан бири Абу Умар ат-Тунисий йўқ қилинган.
Кун давомида жангарилар томонидан портловчи моддалар жойланган бешта машина портлатиб юборилган. Террорчилар уларнинг ёрдамида ҳужумни тўхтатиб қолишга уринган. Шунингдек, бир нафар худкуш террорчи йўқ қилинган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)