Қозоғистон парламенти давлат сирлари тўғрисидаги қонунга ўзгартиришларни маъқуллади. Ҳужжат собиқ президентлар ва уларнинг оила аъзоларининг соғлиғи ҳамда шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни махфийликдан чиқаришни ҳам назарда тутади. Бу ҳақда “Медиазона” хабар берди.
Тегишли ўзгартириш қонун лойиҳасини Мажлисда (парламентнинг қуйи палатасида) кўриб чиқиш пайтида киритилди. Амалдаги қонунга кўра, фақат Қозоғистоннинг ҳозирги президенти ва унинг оила аъзоларининг соғлиғи ҳамда оиласи ҳақидаги маълумотлар махфий ҳисобланади. Сенат (парламентнинг юқори палатаси) ҳужжатни маъқуллаган ва уни имзолаш учун президентга юборган.
Бу соғлиқ тўғрисидаги маълумотлар. Қозоғистондаги ҳар бир фуқаро шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Бу соғлиқдаги муаммолар ва ташхислар билан боғлиқ. Кўпгина мамлакатларда президентларнинг соғлиғи ҳақидаги маълумотлар махфий саналади, деди депутат Айгул Капбарова.
Назарбоевнинг лавозимидан кетиши
Нурсултон Назарбоев 2019 йил 19 мартда Қозоғистон президенти лавозимидан истеъфога чиқиб, ҳокимиятни Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширди ва ўзида кенг ваколатларни сақлаб қолди. Бироқ бир неча йил ўтгач, собиқ президент ваколат ва имтиёзлардан маҳрум этилди. Хусусан, 2022 йил январида норозилик намойишлари фонида Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгашидаги умрбод раислигини бекор қилувчи қонун қабул қилинди. 2023 йилда эса Тўқаев собиқ президентни “Элбоши” мақомидан, миллатга мурожаат қилиш, давлат органлари ва амалдорларга таклифлар бериш ҳуқуқидан маҳрум этувчи қонунни имзолади.
Назарбоев 84 ёшда. 2023 йилда Миллий кардиохирургия марказида у режали операцияни ўтказганди. Нурсултон ва Сара Назарбоевларнинг уч қизи бор: Дариға, Динара ва Алия. 2023 йилда Қозоғистоннинг собиқ президенти ўз хотираларида 1999 йилда “Қозоғистон гўзали” танловида ғолиб бўлган Асел Исабаевадан (Қурманбаева) икки ўғли борлигини тан олганди.
Изоҳ (0)