ОПЕКда нефть ишлаб чиқариш бўйича учинчи ўринда турувчи Эрон нефть бозоридаги нархларнинг қайта тикланиши масаласида картелнинг бошқа аъзолари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда 26 август, жума куни Эрон нефть вазири Бижан Намдар Зангане журналистларга маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Эрон нефть бозорини қайта тиклашда кўмак бериш учун ОПЕК билан ҳамкорлик қилади. Бироқ бозорда қўлдан чиқарган улушимизни тиклаш ҳуқуқимиз ҳам эътиборга олинишини кутмоқдамиз», — деди вазир.
26—28 сентябрь кунлари Жазоирда Халқаро энергетик форум бўлиб ўтади. Форум доирасида нефтни экспорт қилувчи мамлакатлар уни қазиб олишни «музлатиб қўйиш» масаласида музокаралар ўтказиш ниятида.
Халқаро энергетика агентлигининг маълумотларига қараганда, июль ойида Эрондан нефть экспорти суткасига 2 миллион баррелни ташкил этган. Санкция жорий этилгунга қадар, 2012 йилнинг ўрталарида Эрон суткасига 2,2 миллион баррелга яқин нефть экспорт қилган.
Изоҳ (0)