Москва собиқ мэри Юрий Лужковнинг рафиқаси Елена Батурина Forbes журнали версиясига кўра Россиянинг энг бадавлат аёллари рейтингида яна етакчилик қилди. Бу ҳақда нашр сайтида маълум қилинди.
Inteco Management компанияси раҳбарининг бойлиги 1,1 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Юқори ўнликнинг янги иштирокчилари орасида миллиардерларнинг собиқ рафиқалари, чунончи, Дмитрий Риболовлевнинг собиқ хотини Елена (600 миллион доллар, иккинчи ўрин) ва Роман Абрамовичнинг собиқ хотини Ирина (300 миллион доллар, олтинчи ўрин) бор.
Топ ўнталикка, шунингдек, Wildberries интернет-дўкони асосчиси Татьяна Бакалчук (500 миллион доллар, учинчи ўрин), «Прогресс-Капитал» инвестиция компанияси директорлар кенгаши аъзоси Ольга Белявцева (400 миллион доллар, тўртинчи ўрин), «Содружество» компаниялар гуруҳи эгаси Наталья Луценко (325 миллион доллар, бешинчи ўрин) ҳам бор.
Рейтингнинг еттинчи поғонасида Андрей Гурьевнинг хайрия жамғармаси бошқаруви аъзоси Евгения Гурьева (260 миллион доллар), ундан кейинги ўринда худди шу ҳажмдаги бойлик билан теннисчи Мария Шарапова, тўққизинчи поғонада эса InfoWatch компанияси бош директори Наталья Касперская (190 миллион доллар) жойлашди.
Юқори ўнликка «Сибирь» ва «Глобус» авиакомпанияларининг асосий эгаси Наталия Филева (190 миллион доллар) якун ясади.
Изоҳ (0)