Республикачи Дональд Трамп сайлов штабининг кўзга кўринган ходимларидан бири президентлик лавозими учун демократлардан номзод Ҳиллари Клинтон оғир бетоб эканлиги ва сайланган тақдирда ҳам президентликнинг биринчи йили охирига қадар ишлай олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда 24 август, чоршанба куни Америка ОАВлари маълум қилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».
Трамп сайлов кампаниясининг Шимолий Виржиния ва Мэриленд штатларидаги директори Жон Жаггерс сайловолди тадбирларидан бирида чиқиш қила туриб, Клинтон охирги пайтларда омма олдида ноодатий иссиқ кийимда пайдо бўлаётганлигига эътибор қаратди.
«Қай бирингиз август ойида жун пиджак кийган бўлардингиз? АҚШнинг биринчи аёл президенти бўлишни истаётган аёл ҳар бир тадбирда жун пиджакда пайдо бўлмоқда. Бу жиддий масала. Бу аёл оғир бетоб ва улар буни яширишга уринмоқда. Шунинг учун гап Ҳиллари Клинтон кейинги саккиз йил давомида президент бўла олиши ҳақида эмас, балки саккиз йил давомида аслида президент Тим Кейн бўлиши ҳақида бораяпти», — деди у.
ОАВларнинг қайд этишича, бу Клинтоннинг мухолифлари унинг соғлиғи билан боғлиқ масалани кўтариб чиқиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Бу миш-мишларни рад этиш учун Клинтоннинг штаби июль ойи охирида унинг тўлиқ соғломлиги ҳақидаги тиббий текширувлар маълумотларини эълон қилган эди.
Олдинроқ Ҳиллари Клинтон ABC телеканалининг жонли эфирида жисмоний ҳолати ҳақидаги миш-мишларни рад этиб, тузланган бодринг банкасини қўли билан очганди.
Изоҳ (0)