Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матнини ЎзА эълон қилди.
»Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат, транспорт, алоқа ва қурилиш соҳаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагиларга фахрий унвонлар берилсин», — дейилади фармонда.
Ҳужжатга мувофиқ, юқоридаги соҳаларга ўз ҳиссасини қўшган бир қатор арбоблар «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фуқаро авиацияси ходими» фахрий унвонларига муносиб кўрилди.
Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, фидокорона меҳнати, ватанпарварлиги ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги билан эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлганлиги учун бир гуруҳ шахслар «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» орденлари, «Шуҳрат», «Жасорат», «Содиқ хизматлари учун» медаллари билан мукофотланадиган бўлди.
Изоҳ (0)