Ўзбекистонда 20–21 август кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 17 миллиондан зиёд киши иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 августдаги фармойиши билан август ойи мамлакатда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги деб эълон қилинган эди.
Умумхалқ хайрия ҳашари мамлакатнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ўтди. Ҳашар кунлари мамлакат бўйлаб қирқ минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди. Аҳоли турар жойлари, кўп қаватли бинолар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилди. Дарахтлар буталиб, оқланди. Йигирма беш минг километр узунликдаги ариқ-зовурлар, лотоклар тозаланди. Махсус ажратилган транспортларда чиқиндилар белгиланган жойларга чиқариб ташланди. Ободонлаштириш ишларига ўн олти мингдан ортиқ техника жалб этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида ушбу тадбирни ташкил этишда ҳудуднинг экологик ҳолатини янада яхшилаш, меҳр-мурувват ишлари кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳашар Фарғона вилояти шаҳар ва қишлоқларида ҳам уюшқоқлик билан ўтди.
Умумхалқ хайрия ҳашарида ёшларнинг фаоллиги яққол намоён бўлди. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати йигит-қизларни бу борада янада жипслаштириш мақсадида «Юртимни обод этаман!» акциясини эълон қилди. Чилонзор тумани Қозиработ маҳалласида ушбу лойиҳа доирасида ўтказилган тадбирда икки юзга яқин ёш фаол иштирок этди. Ҳашарчи йигит-қизларнинг саъй-ҳаракати билан маҳалла ҳудудидаги дарахтлар оқланиб, буталди. Йўл ва бинолар атрофидаги қурилиш ва маиший чиқиндилар чиқариб ташланди. 1,2 километр узунликдаги лоток ва ариқлар тозаланди. Болалар майдончалари тартибга келтирилди.
Ҳашар кунлари ёшларнинг «Нуронийлар эъзозимизда» акцияси ҳам ташкил этилди. Тадбир доирасида кекса ва ногиронлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз кишилар, кам таъминланган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилди.
Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан маҳаллалар ҳудудида маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, спорт иншоотлари, гўзаллик салонлари, маҳалла гузарлари барпо этилиб, байрам арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётир. Умумхалқ хайрия ҳашари кунлари ана шундай иншоотлардан юзга яқинининг қурилиши якунланди.
Ҳашардан тушган маблағ «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳисоб рақамига ўтказилади. Бу маблағ маҳаллаларни ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож тоифасига кўмак бериш, кексалар, оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш ҳамда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Изоҳ (0)