Покистонда Усома бин Лодинни йўқ қилиш бўйича операция иштирокчиси, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари махсус бўлинмаси собиқ жангчиси Мэтт Биссонетт махфий маълумотни ошкор этмаслик ҳақида имзолаган келишувни бузгани учун 6,6 миллион доллар тўлайди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
АҚШ расмийлари 2012 йилда Биссонеттнинг махсус бўлинма томонидан «биринчи рақамли террорчи»ни бартараф этиш бўйича ўтказилган операция тўғрисида батафсил ҳикоя қилинган «Осон бўлмаган кун» китоби чоп этилгач, унга қарши даъво қўзғаганди. Собиқ ҳарбий Марк Оуэн тахаллуси остида эълон қилинган китоби чиқиши олдидан АҚШ мудофаа вазирлиги ва бошқа тегишли муассасаларга унда махфий маълумотлар бор-йўқлигини текширишга имкон бермаганликда айбланди.
Расмийлар билан эришилган келишувга мувофиқ, Биссонетт китоб сотувидан олинган даромадга тенг маблағ — 6,6 миллион долларни яқин 4 йил мобайнида тўлаб беради.
Эслатиб ўтамиз, Усома бин Лодин 2011 йил 2 май куни Америка махсус бўлинмаси Покистоннинг Абботобод шаҳрида ўтказган махфий операцияси давомида ўлдирилганди.
Изоҳ (0)