10 август куни бўлиб ўтган «Насаф» — «Пахтакор» учрашуви якунланганидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Григорий Колосовский томонидан билдирилган фикрлар «Пахтакор» матбуот хизмати томонидан клуби сайтига жойланди.
«Насаф» яхши жамоа, савияли ўйинчиларга эга. Бугун рақибга ўзимиз совға тақдим этдик. Кераксиз жойда қизил карточка ишлаб олдик», — деб фикр билдирган «Пахтакор» бош мураббийи.Савияли ўйинчиларга эга бўлган яхши жамоанинг фақатгина дарвозабони «Пахтакор» собиқ бош мураббийи томонидан миллий терма жамоага жалб қилинган бўлиб, мазкур жамоага имкониятни бой берган «Пахтакор»нинг олти нафар аъзоси терма жамоадан чақирув қоғози олган.
«Мезбон жамоа мураббийлар штабидан маданиятлироқ бўлишни сўрайман. Бунга клуб раҳбарияти эътибор қаратади деб ўйлайман», — деб таъкидлади Григорий Колосовский. Мутахассис «Насаф» мураббийлар штаби айнан қайси ҳолатларда маданиятдан йироқ бўлганига ойдинлик киритмаган.
«Олдинги уч ўйинда ҳам имкониятлардан фойдалана олмадик. Рақиблардан тўлиқ устунлик қилдик. Бугун мезбонларда вазият кўпроқ бўлди», — деб фикрини якунлаган «Пахтакор» устози. Рақиблардан тўлиқ устунлик қилинган ўйинда нима сабабдан вазиятлар мезбонларда кўпроқ бўлганига аниқлик киритилмаган.
«Пахтакор» клуби Олий Лиганинг ортда қолган 19 та туридан сўнг 4 та қизил карточка олган бўлиб, бу борада 16 жамоа орасида энг ёмон кўрсаткични қайд этиб турибди. Буркина-Фасо термасига қарши ўйин учун чақирув қоғози олган футболчилардан Даврон Ҳошимов ва Жавоҳир Соҳибов сўнгги икки турда майдондан четлатилган.
Изоҳ (0)