Қашқадарё вилоятида бунёд этилаётган Толлимаржон буғ-газ электр станцияси учун мўлжалланган улкан газ турбиналари Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида видеохабар қолдирилган.
«Қарши, кутиб ол, сенинг олдингга кетишяпти», — деб изоҳ қолдирган видеохабар муаллифининг маълум қилишича, у газ турбиналарини олиб келаётган автожамланмани Устюртда учратган.
Ускуналар Германиянинг Instar Projects компанияси томонидан етказиб берилмоқда. Компания сайтида ёзилишича, у Толлимаржон станцияси учун Жанубий Корея, Вьетнам ва Хитойдан олиб келинадиган ускуналарни етказиб беради.
Компания бунгача нафақат Толлимаржондаги, балки Тошкентдаги иссиқлик электр станцияси учун ҳам зарур ускуналарни етказиб бериш хизматини кўрсатган.
Осиё Тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Шон О’Салливаннинг маълум қилишича, Толлимаржон буғ-газ электр станциясига умумий қуввати 900 мегаватт бўлган газ турбиналарини ўрнатиш лойиҳасининг қиймати 1,2 миллиард долларга тенг.
«Мазкур мегалойиҳа учун учун зарур ускуналар бутун дунёдан — баъзи эҳтиёт қисмлар Япониядан, баъзилари АҚШдан, шунингдек, Европа мамлакатлари, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Кореядан етказиб берилмоқда», — дейди О’Салливан.
О’Салливаннинг 30 июндаги видеомурожаатида 400 тонналик газ турбиналари жаҳон океанлари ва Каспий денгизини кесиб ўтиб, Қозоғистон бўйлаб Ўзбекистон томон ҳаракатланаётганини маълум қилган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)