Тошкентнинг Муқимий кўчаси ва унга ёндош ҳудудлардаги объэктларда кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилаётгани муносабати билан кўчанинг айрим нуқталари транспорт воситалари ҳаракати учун тўла ёпилган.
Сўнгги бир неча кундан буён Муқимий кўчасидаги йўлнинг трамвай изидан қолган қисмлари текисланиб, бутун йўл бўйлаб янги асфальт қопламаси ётқизилмоқда, йўл ўртасига эса шаҳарнинг аксарият кўчаларига ўрнатилган тўсиқлар ўрнатиб чиқилмоқда.
Кун салқинлашиши билан эса, ҳозирча автомобиллардан ҳоли бўлиб турган бу кўча ёшу қари билан тўлиб, ўзига хос сайилгоҳга айланмоқда, дейилади Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида қолдирилган фотохабарда.
Аввалроқ, худди шундай манзарани Нурафшон кўчасининг янги қурилган бўлагида ҳам кузатиш мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Маълумот учун, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муқимий кўчасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари 22 августда якунига етишини маълум қилиб, юзага келган ноқулайликлар учун шаҳар аҳолисидан узр сўраган.Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)