Сузиш бўйича АҚШ эркаклар терма жамоаси аъзолари тунаб кетилгани ҳақида матбуот ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига тарқатган ёлғон хабарлар учун Рио-де-Жанейро аҳолиси олдида узр сўраши керак. Бу ҳақда Рио-де-Жанейро полицияси бошлиғи Фернанду Велозу Globo телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Бир неча кун аввал АҚШ Миллий олимпия қўмитаси терма жамоанинг тўрт нафар аъзоси Рио-де-Жанейро шаҳрида тунаб кетилгани ҳақида маълум қилганди. Тарқалган хабарларга кўра, Гуннар Бенц, Жек Конгер, Жеймс Фейген ва Райан Лохте 14 августга ўтар кечаси кечки базмдан олимпия шаҳарчасига қайтаётган бўлган. Улар ўтирган таксига ўзини полиция ходими деб таништирган қуролланган шахслар томонидан ҳужум қилинди. Жиноятчилар гўёки спортчилардан пул ва бошқа шахсий буюмларни талаб қилган.
Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари жабрланганларнинг аризаси ростлигига шубҳа қилди. 18 август, пайшанба куни спортчилар тунаб кетилмагани аниқланди. Улар ёқилғи қуйиш шохобчасида зарар етказилган мулкка пул тўлагани маълум бўлди.
Globo телеканалининг маълумотига кўра, америкалик сузувчилар ҳожатхона эшигини бузган ва қўриқчилар билан муштлашган. Ёқилғи қуйиш шохобчаси ходимлари етказилган зарар учун пул тўланишини талаб қилган. Сархуш ҳолатда бўлган спортчилар қочиб кетишга уринганида қўриқчилардан бири уларга тўппонча билан таҳдид қилган.
Америкалик сузувчиларга нисбатан «жиноят ҳақидаги ёлғон хабар бериш» моддаси бўйича иш қўзғатилди. Улар 1 ойдан 6 ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ва жаримага тортилиши мумкин.
Изоҳ (0)