Қозоғистон даштларида археологлар Қадимги Миср пирамидаларига ўхшаш кўҳна иншоот топди. Мақбара 3 минг йил муқаддам бино этилган эди, деб хабар беради «National Geographic Россия».
Объектни Сари-Арқа археология институтининг тарих фанлари номзоди И. А. Кукушкин раҳбарлигидаги экспедицияси ходимлари очди. У ҳақда дастлаб қарағандалик олим Виктор Новожёнов маълумот берган эди.
Кечки бронза даврида (милоддан аввалги XV–Х асрлар) Қозоғистон ҳудудида Беғози-Дандибоев археологик маданиятини мавжуд эди. Ушбу маданиятни қолдирган қавм аслзодалар учун қоя тошларидан баланд айлана ёки тўртбурчак мақбаралар қурар эди.
Мазкур маданият гуллаб-яшнаган ҳудудлардан бири Қарағандага яқин жойлашган Сари-Арқа қишлоғининг атрофи эди. Бу ҳудудда археологик қазишма ишлари ўтган асрнинг ўрталаридан буён олиб борилмоқда.
Олимлар ўрганган янги мақбара зинапоясимон шаклига кўра ноёб ҳисобланади. Объект Қадимги Миср эҳромларига ўхшатилмоқда. Жумладан, машҳур Жосер пирамидаси худди шу тарзда зинапоясимон шаклда қурилган.
Олимларнинг фикрича, мақбара 3 минг йил муқаддам маҳаллий қабила бошлиғи ёки нуфузли аслзода учун қурилган. Айни пайтда қабр очилиб, у ердаги буюмлар ўрганилмоқда. Барча топилмалар Қарағанда университети археология музейи экспозициясида намойиш этилади.
Изоҳ (0)