Россиянинг «МТС» компанияси Ўзбекистондаги Universal Mobile Systems (UMS) мобил операторидаги улушини сотгани боис жорий йилнинг молиявий кўрсаткичлари прогнозларини туширди. Бу ҳақда, компания баёнотига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Оператор йил якунларига кўра жамланма тушум 2–3 фоизга ўсишини кутмоқда. Илгариги прогнозга кўра, бу кўрсаткич 4 фоиздан кам ўсиш намойиш этмаслиги лозим эди.
Бундан ташқари, «МТС» йиллик тузатилган OIBDA кўрсаткичи 4 фоизга тушишини хабар қилди. Илгариги прогноз OIBDA минус икки фоиздан плюс бир фоизгача ўзгаришга учрашини башорат қилган эди.
Йиллик OIBDA кўрсаткичининг пасайишига, шунингдек, макроиқтисодий омиллар ҳамда миллий валюталарнинг беқарор курслари, Украинада 3G тармоқларининг қурилиши, бошқа шуъба корхоналаридаги бизнесларнинг ривожлантирилиши ҳам таъсир ўтказади.
Гуруҳнинг капитал харажатлари эса, олдингидай, 85 миллиард рубль даражасида қолади. Бу 2015 йилга нисбатан (96,1 миллиард рубль) 11,6 фоизга тушиш демакдир.
Эслатиб ўтамиз, 5 август куни «МТС» UMS қўшма корхонасидаги 50,01 фоизга тенг улушини сотгани ҳақида маълум қилди. Акциялар пакети Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг «Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонасига реализация қилинди. Кейинроқ UMS муассисларнинг бу қарори компания муваффақият билан реализация қилаётган узоқ истиқболли ривожланиш стратегиясига таъсир қилмаслигини эътироф этди.
«МТС» UMS кўрсаткичларини учинчи чоракдан бошлаб молиявий натижалар ҳисоботидан ажратиб, алоҳида ҳисобот банди сифатида тақдим этади.
Изоҳ (0)