Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимларини таъмирлаш ва модернизация қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Иссиқлик энергияси сарфини тежаш мақсадида эскирган иссиқлик тармоқлари алмаштирилиб, қозон ва насос ускуналари таъмирланмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.
Тошкентда марказий иссиқлик таъминоти тизимига уланган 13 мингдан зиёд бино мавжуд. «Тошиссиққуввати» унитар корхонаси ишлаб чиқариш бирлашмасининг маълум қилишича, шаҳар иссиқлик таъминоти тармоқларини куз—қиш мавсумига тайёрлаш ишларини назорат қилиш тизими такомиллаштирилмоқда.
Бу борада маҳаллий қозонхоналар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда олтита қозон янгисига алмаштирилиб, 10 қозон капитал таъмирланди, 379 қозонхонада жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Иссиқлик энергиясини ташишда унинг сарфини камайтириш мақсадида 23,1 километрлик иссиқлик тармоқлари қайта ётқизилди. Бундан ташқари, 387,2 километрлик иссиқлик тармоқлари канали капитал таъмирланди, 80,5 километрлик ҳаво иссиқлик тармоғи қувурларининг иссиқлик изолацияси қайта тикланди, 4 насос станциясида капитал таъмирлаш ишлари якунланди.
Энергия ва ресурс тежаш мақсадида Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Олмазор ва Юнусобод туманларида кўп қаватли турар жойлар, таълим ва мактабгача таълим муассасалари, спорт ва ижтимоий объектлар уланган маҳаллий кичик қозонхоналарни қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Биноларни иситадиган ягона иссиқлик комплекси бўлган ушбу қозонхоналар бевосита иситиладиган объектлар яқинига жойлаштирилмоқда.
«Тошиссиққуввати» унитар корхонаси ишлаб чиқариш бирлашмасининг туман бошқармалари томонидан иссиқлик тармоқларидаги носозликларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир туманда носозликларни тезкор бартараф этиш учун барча зарур ускуналар билан таъминланган ва куну тун ишлайдиган авария-қайта тиклаш бригадалари фаолият юритмоқда. Шунингдек, иссиқлик тармоқларидаги носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш, қидирув вақтини қисқартириш мақсадида иссиқлик сирқиб кетиш жойларини аниқлайдиган кўчма лаборатория ишламоқда.
Изоҳ (0)