Россиянинг Тюмень шаҳридаги ҳайвонот боғида мушук янги туғилган маймунга ғамхўрлик қилмоқда. Бу ҳақда, муассаса мудираси Татьяна Антропованинг сўзларига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Мушук янги туғилган маймунга оналик қилмоқда. У маймунчани устига ўтқазади, энагалик қилади, улар бирга сайр қилади ва ухлайди. Мушук саймири боласи билан кеча-кундуз бирга», — деди у.
Антропованинг айтишича, урғочи саймирилардан бири янги туғилган боласидан воз кечган. Бола сутли қоришма ичади, юра олмайди ва бошқа жониворларнинг устида ўтирибгина ҳаракатланиши мумкин. Шу вазиятда мушук унга ғамхўрлик қила бошлаган.
Айни пайтда мушук, маймунчани кўтариб юриш ва унга ғамхўрлик қилишдан ташқари, тана ҳароратини ҳам ушлаб турибди, бу эса болакайга тирик қолиш имкониятини бермоқда.
Изоҳ (0)