Хитой пойтахти Пекин шаҳрининг расмийлари заҳарли ҳаводан 2020 йилда халос бўлишга умид қилмоқда. Бу ҳақда «Бэйцзин цинньянбао» газетасига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Айни дамда биз ҳаво сифатининг мониторингини олиб боряпмиз. Ўтган йили ҳаво таркибидаги зарарли моддаларнинг концентрацияси бир куб метрга 61 микрограммни ташкил қилганди. Келаси йили ушбу индекс 50 микрограммгача камаяди. 2020 йилда яхши ҳолатга келади», – дея маълум қилди шаҳар маъмурияти вакили Му Пэн.
Унинг сўзларига кўра, кўмирдан фойдаланишни қисқартириш ва янги экинлар экиш орқали ушбу вазифани ҳал қилиш режалаштирилмоқда. Қайд этилишича, Хитой ҳукумати мегаполисда ҳаво сифатини яхшилаш дастурига 16,5 миллиард юань (2,57 миллиард доллар) ажратди.
Шаҳар расмийлари 200 мингга яқин юқори даражадаги чиқинди чиқарувчи автомобилларни йўқ қилишни мақсад қилди.
Ўтган йилнинг куз—қиш мавсумда Пекин ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида атмосферанинг ифлосланиши оқибатида экологик хавфнинг «қизил» ва «тўқ сариқ» даражаси эълон қилинганди.
Изоҳ (0)