Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмлари хизматчилари учун янги уй-жойлар ҳамда чегара пости фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаев иштирок этди.
Бунёдкорлик ишлари давомида 1,7 гектар майдонда маиший хизмат кўрсатиш комплекси қурилди. Мажмуадан дорихона, чойхона, гўзаллик салони, эркаклар ва аёллар сартарошхонаси, сунъий қопламали стадион ўрин олган. Замонавий лойиҳа асосида қурилган «Ўрай-Элипок» маҳалла маркази ва 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳам ҳудудда жойлашган.
Ургут туманидаги ҳарбий қисм янги чегара пости мажмуасида ҳам хизматчилар учун барча шароит яратилган. Бу ерда аскарлар турар жойи, ошхона, тиббиёт хонаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва бошқа зарур хизмат хоналари қад ростлади.
«Ҳарбийнинг доимо хизматга шайлиги ва зиммасидаги бурчни тўла-тўкис адо этиши унинг маънан ва жисмонан баркамоллигига боғлиқ, — деди катта лейтенант Ўткирбек Хўжамуродов. — Чегара постимизда бу жиҳатлар алоҳида эътиборга олинган. Замонавий мини-футбол стадиони, маънавият хонаси хизматчилар ихтиёрида. Энг муҳими, қисмда хизмат қилаётган ҳарбийларга шу ернинг ўзида барча қулайликларга эга саккиз турар жой биноси қуриб берилди. Бу хизматчиларни оилаларидан кўнгли тўқ ҳолда ўз бурчини бажаришга ундайди».
Изоҳ (0)