Рио–2016 Олимпиада ўйинарида дзюдо бўйича -66 килограмм вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик Ришод Собиров бронза медалини қўлга киритди, деб хабар бермоқда «Sports.uz».
Ўзбекистон вакили аввалига оғир кечган ўйинда қўшимча вақтда юко баҳоси эвазига Дмитрий Шершан устидан ғалаба қозонди. Кейин эса жанубий кореялик Ан Болга қарши баҳсда мағлубиятга учраган Собиров бронза медали учун ўтказилган саралаш босқичида дастлаб Доминика Республикаси вакили Вандер Матеони, кейин эса словениялик Адриан Гамбочни таслим этди.
Ришод Собиров учун бу фаолияти давомидаги Олимпиада ўйинларида қўлга киритган учинчи бронза медали эди.
Эслатиб ўтамиз, Рио—2016 Олимпиада ўйинларининг биринчи кунида дзюдо бўйича -60 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Диёрбек Ўрозбоев Ўзбекистон олимпия терма жамоасига биринчи медаль — бронзани тақдим қилган эди.
Изоҳ (0)