Рио-де-Жанейродаги Олимпиада ташкилотчилари спорт мухлисларидан XXXI ёзги Ўйинлар доирасидаги мусобақалар бўлиб ўтаётган стадионларга киришда навбатлар юзага келаётгани учун узр сўради, деб ёзади «ТАСС». Тегишли баёнотни «Рио—2016» ташкилий қўмитаси матбуот котиби Марио Андрада берди.
«Жазирамада навбатларда туришга мажбур бўлганлардан узр сўрашимиз керак. Биз томошабинларни қабул қилинган хавфсизлик мезонларига мувофиқ текшириш жараёнини тезлаштиришга ҳаракат қиламиз, чунки кимдир мусобақаларни кўрмай қолишини истамаймиз», — деди у.
Гувоҳлар сўзларига кўра, баъзи олимпия мусобақаларини кўриш учун икки соатлик навбатда кутишга тўғри келган. Бразилия ОАВлари ушбу вазиятни ҳуқуқ-тартибот органларининг Олимпия ўйинлари хавфсизлигини таъминловчи бўлинмалари ўртасида координация йўқлиги билан изоҳламоқда.
Изоҳ (0)