Россия спорт вазири Виталий Мутко Халқаро паралимпия қўмитасининг россияликларни Рио-де-Жанейродаги Ўйинлардан четлатиш қарорини қоралади, деб ёзади «Интерфакс».
«Бу қарор нимага асосланганини ҳисобга олиш керак. Аммо менинг тушунчам бўйича шунинг ўзиёқ соғлом фикрдан ташқарида», — деди у.
«Агар ушбу қарор ‘Макларен маърузаси’га асосланган бўлса, у ҳолда у ерда кўрсатилган спортчилар паралимпиячилар эмас», — деди Мутко.
Нашр эслатишича, аввалроқ Халқаро паралимпия қўмитаси (ХПҚ)нинг президенти Филипп Крейвен Россия паралимпия қўмитаси ХПҚ аъзолигидан маҳрум бўлгани, шу туфайли, россиялик паралимпиячилар Рио-де-Жанейродаги Паралимпиада ўйинларида қатнаша олмаслигини маълум қилган эди.