5 август, жума куни Испания полицияси Барселонада «Пушти ранг пантера» жиноий тўдасининг аъзолари деб тахмин қилинаётган беш кишини қўлга олди. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Талончилар Барселонанинг Пасео де Грасия шоҳ кўчасидаги заргарлик дўконига ҳужум қилганида Каталония полициясининг махсус мўлжал бригадаси пистирмада эди. Жиноятчилардан бирида тўппонча бор эди.
Операция Испания, Германия ва Сербия полицияси бўлинмалари жалб қилинган кенг миқёсли тергов ишининг бир қисми бўлди.
«Пушти ранг пантера» тўдаси 2003 йилда Лондонда содир этган талончиликдан сўнг бу номни олди — ўшанда ўғри олмосни косметик крем идишида яширган эди. Бу воқеа машҳур «Пушти ранг пантера» фильмидаги саҳнага ўхшатилди.
Интерпол маълумотларига қараганда, 1999–2015 йиллар орасида гуруҳ жами 380 қуролли талончилик ҳужумларини амалга ошириб, умумий қиймати 334 миллион еврога тенг заргарлик буюмларини ўғирлаган.
Изоҳ (0)