Футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигасининг 3-раундига бугун — 3 август куни якун ясалади. Кеча — 2 август куни навбатдаги босқичга йўл олган 5 та клуб номи маълум бўлди.
Мусобақада иштирок этаётган Грузия, Озарбайжон ва Беларусь чемпионлари қитъанинг энг нуфузли клублари турниридаги иштирокига якун ясади.
Тбилисининг «Динамо» клуби Хорватия чемпиони бўлмиш адаши — Загребнинг «Динамо» клубидан сафарда 0:2 ҳисобида енгилганди. Ўз майдонида ҳам рақибига имкониятни бой берди — 0:1.
Озарбайжон чемпиони «Карабах» Чемпионлар Лигасини бироз ачинарли кўринишда тарк этди. Озар клуби ҳар икки ўйинда ҳам Чехиянинг «Виктория» клуби билан дуранг ўйнади — 0:0 ҳамда 1:1. Чех клуби сафар ўйинида гол ургани эвазига турнирдаги иштирокини давом эттирадиган бўлди.
Беларусь чемпиони «БАТЭ» Ирландия чемпиони бўла олган «Дандолк» майдонида ҳеч нарса қила олмади. Минск шаҳрида 1:0 ҳисобида устун келган «БАТЭ», ирландлар майдонида 0:3 ҳисобида тор-мор келтирилди.
2 август куни Кипрнинг «АПОЭЛ» клуби қаҳрамонлик кўрсатди. Жамоа Норвегияда «Русенборг»дан 1:2 ҳисобида енгилган бўлса, Кипрда 3:0 ҳисобида зафар қучди. Ҳар учала гол 90-дақиқадан кейин киритилди — 91, 96 ва 99.
Навбатдаги босқичга йўл олган сўнгги жамоа Болгариянинг «Лудогорец»и бўлди. Болгарлар Сербия чемпиони «Црвена Звезда»ни турнирдан чиқариб юборди.
Бугун — 3 август куни МДҲ таснифига кирувчи яна уч мамлакат жамоаси Чемпионлар Лигаси доирасида майдонга тушади.
Ўз майдонида Шотландия чемпиони «Селтик» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган Қозоғистон чемпиони «Астана», энди сафар ўйинида иштирок этади. Ростовда Бельгиянинг «Андерлехт» клубини мағлуб эта олмаган Россия вице-чемпиони «Ростов», сафарда 2:2 ҳисобини тўғирлаш учун уринади. Украинанинг иккинчи жамоаси «Шахтёр»нинг Швейцариядаги юмуши осонроқ. Дастлабки ўйинда «кончилар» «Янг Бойз»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.
Изоҳ (0)