Тинч океанининг «Нида» тўфони Гонконгга зарба бериб, мегаполисдаги ҳаётни тўхтатиб қўйди. Ноқулай об-ҳаво туфайли шаҳарда мактаблар, давлат муассасалари, банк ва офислар ёпилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Фонд биржаларида тонгги савдолар ўтказилмаяпти. Ўтган оқшом шаҳарга тропик жала ва соатига 158 километргача етувчи кучли шамол ёпирилди.
Чек Лап Кок халқаро аэропортида 156 та рейс бекор қилинган, яна 290 та авиарейс кечиккан. Кучли тўлқинлар туфайли Макао ва Хитойнинг соҳилбўйи шаҳарларига кемалар қатнови вақтинча тўхтатилган. Шаҳар кўчалари бўйлаб икки қаватли автобуслар ва трамвайлар ҳаракати бекор қилинган.
Гонконг телевидениесининг маълум қилишича, кучли шамол бир неча ўнлаб дарахтларни қулатиб, реклама эълонларини узиб кетган. Бироқ жиддий зарарлар қайд этилмаган. Ҳеч ким жабрланмаган.
Ҳозирги пайтда тропик циклон аста-секинлик билан Гонконгдан узоқлашмоқда ва Гуандун провинцияси йўналишида ҳаракатланмоқда.
Изоҳ (0)