Brikk компанияси Apple сентябрь ойида тақдим этадиган iPhone 7 нинг люкс версиялари учун буюртма қабул қилишни бошлади. Қимматбаҳо металлар ва бриллиантлардан иборат корпусга эга энг қиммат модель 1,3 миллион доллар туради, деб хабар бермоқда «Hi-Tech.Mail.ru».
Заргарлар 24 карат сариқ олтин, 18 карат гулоб олтин ва 950 пробали платинадан яратилган корпусга бурканган iPhone 7 ни таклиф қилмоқда. Унга 60 карат умумий вазнга эга бриллиантлар билан зеб бериш мумкин. Корпус услуби шахсан компания бош дизайнери Циррус Блэксмит томонидан ишлаб чиқилади. Бундай вариантдаги iPhone 7 нинг нархи 1,3 миллион долларни ташкил этади.
Арзонроқ версиялар ҳам бор. Жумладан, Deluxe коллекциясида корпуслар сариқ, гулоб олтин ёки платинадан ишланади, турлича сайқал ва оҳор бериш мумкин. Смартфон нархи индивидуал тарзда аниқланади, лекин нарх юқоридаги вариантдан арзонроқ бўлади. Смартфонга, шунингдек, 1,08 карат бриллиантлардан логотип тушириш мумкин.
iPhone 7 нинг Brikk таклиф этаётган энг ҳаммабоп версиялари ўнта турлича ёрқин рангдаги корпусларга бурканган моделлар бўлиб, улар ҳам гулоб ёки сариқ олтин ҳамда бриллиантлар билан безалган. Уларнинг нархи 4 295 доллардан бошланади.
iPhone 7 нинг люкс версиялари октябрда сотувга чиқарилади. Brikk вакилларининг уқтиришича, барча iPhone 7 лар Apple А10 чипсети негизига қурилиб, 3 Гб оператив хотирага эга бўлади.
Изоҳ (0)