Россиядаги 20 тача ташкилотнинг тармоқларига зарарли дастурий таъминот юқтирилди. Бу ҳақда Федерал хавфсизлик хизмати расмий баёнот берди, деб хабар қилмоқда «Hi-Tech.Mail.ru».
Хакерлар ҳужумига давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари, илмий ва ҳарбий муассасалар, ҳарбий-саноат комплекси корхоналари ҳамда мамлакат инфраструктурасида муҳим аҳамиятга эга бошқа объектлар учради.
ФХХ ходимлари аниқлаган дастурий таъминот кибержосуслик учун ишлатилгани маълум қилинмоқда. Вирус мақсадли равишда тарқатилиб, операцияни профессионаллар режалаштиргани ва амалга оширгани айтилмоқда.
Мутахассислар вирус илгари Россия ва хориж давлатларида учраган айрим намуналарга ўхшашлигини тасдиқлади. Ҳар бир тармоқ учун дастурлар мажмуи индивидуал тарзда ишлаб чиқилган, бунда техниканинг ўзига хос жиҳатлари инобатга олинган.
Тизимни зарарлаш учун хакерлар вирусли мактубни электрон почтага йўллаган. Фойдаланувчи хатни очса, вирус тармоққа ўтган. У тармоқ трафигини кузата, экрандан скриншотлар ола, камера ва микрофонни ёқа олган, шунингдек, клавишалар босилишини кузатиб борган.
ФХХнинг маълум қилишича, таҳдид ортда қолган, вирус ишининг оқибатлари бартараф этилган.
Изоҳ (0)