Куба терма жамоасида Жаҳон Чемпионатида иштирок этиш тажрибаси бор. Чунки Колумбиядаги мундиал улар учун бешинчиси.
Таиланддаги мундиал Кубасиз ўтганидан кейин, мамлакта бош жамоасига собиқ футзалчини бош мураббий этиб тайинлашди. Унинг ташрифи эса Кубани яна Жаҳон Чемпионатига қайтарди.
Колумбияга йўл
Куба терма жамоаси учун КОНКАКАФ чемпионлиги учун кураш у қадар омадли бошланмади. Кўпчилик хатто танимайдиган Курасао терма жамоасига қарши илк учрашув 1:1 ҳисобида якунига етди.Мана шундай аутсайдерни таслим қила олмаган Кубанинг кейинчалик Жаҳон Чемпиоанати чиптасига эга чиқишига ишониш қийинроқ эди. Бироқ кейинги турларда кубаликлар ўзларига келиб олишди. Коста-Риканинг 6:0 ҳисобида таслим этилиши, Куба кўпчилик ўйлагани каби кучсиз жамоа эмаслигини ойдинлаштирди.
Мазкур ҳисоблар Куба термасини гуруҳ босқичидан олиб чиққанига қарамай, йўл-йўлакай Канада футзал терма жамоаси ҳам мағлуб этилди — 7:4. Ушбу ғалабани кубаликлар узоқ эслаб қоладиган бўлишди.
Ярим финал ўйинида Кубанинг кучи Панамага етмади. 5:6 ҳисобида имконияти бой берилган ўйиндан кейин Куба КОНКАКАФнинг учинчи жамоаси бўлиш учунгина ҳаракат қилиб кўрди. Улар бунинг уддасидан чиқа олишди. Гватемалага қарши 3-ўрин учун баҳс Кубанинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан ўз якунига етди.
Терма жамоа ҳақида
Клементе Реиносо терма жамоани қабул қилиб олганидан кейин, Кубага бўлган хурмат қитъада яна оша бошлади. Мутахассис 1996 йил Испанияда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида Куба учун меҳнат қилганлардан бири эди.Ҳужумчи Жоннет Мартинес эса бугунги жамоанинг энг асосий фигураси ҳисобланади. У 2008 йил Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида ҳам мамлакат шарафини ҳимоя қилганди. Бугунги таркибда ўша мундиалда иштирок этган ягона футболчи ҳам Мартинеснинг ўзи.
Мартинесга яқиндан ёрдам бериши мумкин бўлган футзалчиларга ҳам хурмат кўзи билан қарашга мажбурсиз. Диего Рамирес, Кевин Марино, Сенди Домингес каби футболчилар Колумбияда ўзларини кўрсатишга тайёр туришибди.
Мундиаллардаги иштироки
Куба терма жамоаси 1996 йил Испанияда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатидан кейин фақатгина 1 та мундиални ўтказиб юборди. 2012 йил Таиланд залларида кубалик футболчиларни учратишнинг иложи бўлмади.Колумбиядаги Жаҳон Чемпионати кубаликлар учун ҳисоб бўйича бешинчисидир. Бироқ бу сон сифатни белгилаб бермайди. Куба мундиалларда жами 13 та ўйин ўтказган бўлиб, шуларнинг фақатгина 1 тасида ғалаба нашидасини сурган ва бирор марта ҳам гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлай олмаган.
Куба 1996 ва 2000 йилги Жаҳон Чемпионатларини сўнгги ўринда якунлашга мажбур бўлди. 2004 йилга келиб эса Кубадан кейин фақатгина 2 та жамоа номи бор эди. 2008 йил мундиалда иштирок этган 20 та жамоа орасидан 15-ўриннинг қўлга киритилиши натижалар секин-аста яхшиланиб бораётганини кўрсатди.
Изоҳ (0)